Ру En O'z
3 Июль 2024 909

Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг Париж-2024 Олимпиадасига тайёргарлиги ОАВ нигоҳида

Дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларининг тайёргарлик циклини юқори нотада ўтказиб, делегациямиз ҳисобига энг кўп – 13 та йўлланма тақдим қилди. Шубҳасиз, бу ўзбек дзюдоси учун тарихий натижа. Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида терма жамоанинг эришган ушбу натижаси ва 4 йилликнинг энг нуфузли мусобақасига олиб борилаётган тайёргарлик мавзусида матбуот анжумани ташкил этилди.

Тадбирда Спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Қўмита раиси ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раҳбари Азизжон Камилов, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Илиас Илиадис бошчилигидаги терма жамоа мураббийлар штаби ва спортчилар, ОАВ вакиллари қатнашишди.

Даставвал, Азизжон Якубжанович терма жамоамизнинг бугунги кунда олиб бораётган тайёргарлиги ҳақида батафсил тўхталиб ўтди. Хусусан, Диёра Келдиёрова ва бир нечта қизларимиз айни пайтда Японияда машғулот олиб боришмоқда. 14 июль куни терма жамоа тўлиқ таркибда сўнгги йиғинни ўтказиш учун Францияга йўл олади. Шунингдек, А.Камилов бўлажак Олимпиадада дзюдо жамоамиз делегациямизга энг кўп медаль тақдим этишни мақсад қилганини қўшимча қилди.

Ўз ўрнида, Шаҳрулло Шарипович терма жамоамизнинг тайёргарлик жараёни давлатимиз томонидан тўла қўллаб-қувватлашини маълум қилди. Ойбек Омилович ҳамда Шерзод Рихсибаевич бу гал ҳам дзюдочиларимиз ёқимли анъанани давом эттирган ҳолда ўз медаллари билан делегациямизнинг муваффақиятига ҳисса қўшишларини тилашди.

Шунингдек, спортчиларимиз мухлисларга узоқ кутилган олтин медални қўлга киритиб, ўзбек дзюдосида янги саҳифа очиш учун бор имкониятларини ишга солишларини маълум қилишди. Анжуман давомида ОАВ ходимлари ўзларини қизиқтирган бошқа саволларга атрофлича жавоб олишди.

Text to speech