Соғлом турмуш тарзи тарғиботчиларига байрам совғалари улашилди
Юртимизда 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари ходимлари куни, 2 июль санаси эса Халқаро спорт журналистлари куни сифатида кенг нишонланади. Ушбу саналар муносабати билан соҳада фаолият олиб бораётган, мамлакатимизда соғлом турмуш тарзини тарғиб қилишда фаол бўлган бир гуруҳ ижодкорларга байрам совғалари тақдим этилди.
Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида ташкил этилган тадбирда Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Адҳам Икрамов бошчилигидаги Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия ҳамда Паралимпия қўмиталарининг раҳбарияти соҳада қалам тебратаётган журналистларни қутлашди.
Тадбир аввалида сўз олган Адҳам Илҳамович мамлакатимизда Президентимиз илгари сураётган соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, атлетларимиз халқаро майдонда эришаётган ютуқларни халқимизга тезкор ва ишончли тарзда етказиб беришда спорт журналистларининг ўрни катта экани ҳақида алоҳида тўхталди.
Шундан сўнг соҳа вакилларига Спорт вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия қўмитасининг эсдалик совғалари улашилди. Ўз ўрнида, ОАВ ходимлари кўрсатилган эътибордан мамнун эканликларини билдиришди.