Ру En O'z
2 Июль 2024 4342

Ўзбекистон делегациясини Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди

Бугун пойтахтимиздаги Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида Ўзбекистон делегациясини Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига тантанали кузатиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси, мамлакат велосипед спорти федерацияси раҳбари Танзила Нарбаева, Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департамент раҳбари Одил Абдурахманов, Давлат Хавфсизлик хизмати раиси, Ўзбекистон футбол ассоциацияси президенти Абдусалом Азизов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Адҳам Икрамов бошчилигидаги Спорт вазирлиги ҳамда Миллий Олимпия ва Паралимпия қўмиталари раҳбарлари, спортчи ҳамда мураббийлар, ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Танзила Камаловна тантанали маросимни очиб берар экан, Президентимиз бошчилигида мамлакатимизда хотин-қизлар спортига қаратилаётган эътибор, бунинг ортидан Олимпиадага лицензия олган аёл спортчиларимизнинг сони ортиб бораётгани ҳақида тўхталиб ўтди. Ўз ўрнида, Абдулла Нигматович Президентимизнинг қўллаб-қувватлаши билан диёримизда сўнгги даврда оғир атлетика, бокс, дзюдо каби спорт турлари бўйича жаҳон чемпионатлари ўтказилгани, бу йил эса футзал бўйича дунё биринчилигини қабул қилишимиз, 2025 йил мамлакатимизда ёшлар Осиё ўйинлари ташкил этилиши, ундаги баҳсларни ўтказиш учун муҳташам Олимпия шаҳарчаси барпо этилаётгани, бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон жаҳон спортида ўз ўрнига эга мамлакатлардан бирига айланиб бораётгани хусусида сўзлади.

Спортчилар номидан дзюдо бўйича жаҳон чемпиони Музаффарбек Тўрабоев ҳамда бокс бўйича ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпиони Нигина Ўктамова сўзга чиқишди. Атлетларимиз давлатимизнинг эътибори, қўлга киритган лицензиялари учун пул мукофотларини қабул қилиб олишгани, бу уларга Париж-2024 Олимпиадаси олдидан катта мотивация бўлиши ҳақида гапириб ўтишди. Шунингдек, улар яратиб берилган шароитлар учун спортчилар номидан Президентимизга миннатдорчилик изҳор қилдилар. Ўзбекистон гимнастика федерациясининг биринчи вице-президенти Гёзал Мўминова федерация ва ассоциациялар номидан тайёргарлик циклидаги эътибор учун давлатимизга ташаккур айтди.

Мураббийлар номидан сўз олар экан, футбол бўйича Ўзбекистон Олимпия терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе футболчиларимиз ҳам Олимпиадада ўз ғалабалари билан Муҳтарам Президентимиз ва халқимизга катта қувонч улашиш, фақатгина медаллар қўлга киритиш учун Францияга йўл олишаётганини айтиб ўтди.

Тадбир давомида Ўзбекистон делегациясининг ҳамкорларидан бири 7SABER бренди Олимпиада учун тайёрланган спорт экипировкалари тақдимотини ҳам ўтказди. Янги тўплам барча спортчи ва мураббийларга бирдек манзур бўлди.

Шунингдек, давлат байроғи бўлажак Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси байроқдорлари – бокс бўйича жаҳон чемпиони Абдумалик Халоков ҳамда қиличбозлик бўйича Осиё ўйинлари чемпиони Зайнаб Дайибековага тантанали равишда топширилди.

Тадбирда таниқли шоир, Ўзбекистон ёзувчилар уюшмаси аъзоси Нодир Жонузоқ спортчиларимиз учун ёзган шеърини ўқиб берди.

Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов спортимиз оқсоқоллари номидан делегациямиз аъзоларига омад тилади ҳамда ватанимизга ёруғ юз билан қайтиб келишлари учун дуо қилди.

Шунингдек, расмийлар Ўзбекистон Республикаси Давлат герби қабул қилган куннинг 32 йиллиги билан барчани муборакбод этишди. Шу тариқа, тантанали тадбир ўз якунига етди. Эртадан, 3 июль санасидан бошлаб терма жамоаларимиз режа асосида Францияга йўл олиб, тайёргарликнинг сўнгги босқичини бевосита Париж яқинида олиб боришади. Эслатиб ўтамиз, XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари 26 июль – 11 август кунлари бўлиб ўтади.

Text to speech