Париж-2024 лицензиатлари: Олимпиада совриндори Давлат Бобонов
Ўзбек дзюдосида ҳар бир даврнинг ўз юлдузлари бор. Давлат Бобонов сўнгги йиллардаги ана шундай шахслардан бири бўлиб, нафақат ўзбек, балки жаҳон дзюдосида улкан шуҳрат қозониб улгурган. Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларининг қаҳрамонларидан бири бу гал ҳам мухлислар эътиборида бўлиши, шубҳасиз.
Бобонов Давлат Ҳусниддин ўғли 1997 йил 7 июнь куни Навоий вилояти Нурота туманида туғилган. 2013 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. Мураббийи Нурали Қобулов. Бобонов Гран-при турнирларида 1 та олтин, қитъа чемпионатларида 2 та олтин ва 1 та кумуш, “Катта дубулға” турнирларида 2 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза, Мастерс таснифидаги мусобақаларда 1 та бронза, Ханчжоу-2022 ёзги Осиё ўйинларида 2 та кумуш, жаҳон чемпионатларида эса 1 тадан олтин, кумуш ва бронза медалларига эга чиққан. Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинларида Ўзбекистон делегацияси ҳисобига бронза медалини тақдим қилган. Кўрсатган натижалари эвазига I даражали "Соғлом авлод учун" ордени ва "Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спортчи" фахрий унвони билан тақдирланган.
Бобонов Халқаро дзюдо федерацияси томонидан эълон қилинган Олимпиада рейтингига кўра -90 кг вазн тоифасида Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритган.