Париж-2024 лицензиатлари: Юксак ирода билан Олимпиадага йўлланма олган Шарофиддин Болтабоев
Жароҳатлар спортнинг ажралмас қисми. Атлетлар машғулот ёки мусобақаларда ҳамиша жароҳат олиш хавфи билан иштирок этишади. Жиддий жароҳатдан фориғ бўлгандан сўнг янада кучли бўлиб қайта олиш эса спортчидан жуда катта матонат талаб қилади. Бугун ана шундай ирода кўрсата олган дзюдочимиз Шарофиддин Болтабоев ҳақида ҳикоя қиламиз.
Болтабоев Шарофиддин Пўлат ўғли 1995 йил 19 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси Амударё туманида туғилган. 2013 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. Мураббийи Радик Гамаев. Фаолияти давомида Гран-при турнирларида 1 та олтин ва 1 та бронза, қитъа чемпионатларида 2 та кумуш ва 1 та бронза, “Катта дубулға” мусобақаларида 2 та олтин, 3 та кумуш ва 3 та бронза медалларига сазовор бўлган. Шунингдек, 2021 йилги жаҳон чемпионатида аралаш жамоавий дастурда бронза медали билан тақдирланган. Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиси.
Шарофиддин ўтган йилнинг март ойида Анталья “Катта дубулға” турнирида жиддий жароҳат олгач 10 ой давомида тикланиш даврини ўтказди. 2024 йилдан яна татамига қайтган дзюдочимиз лицензион даврнинг сўнгги қисмида турнирларда кетма-кет муваффақиятли иштирок этиб, Халқаро дзюдо федерацияси томонидан эълон қилинган Олимпиада рейтингига кўра -81 кг вазн тоифасида Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритди.