Жаҳон футболи юлдузлари МОҚда меҳмон бўлишди
Юртимизда ўтказилаётган Ёшлар форуми доирасида футбол юлдузлари Дида, Кристиан Пануччи, Кристиан Заккардо ва Сержиньо пойтахтимизда меҳмон бўлиб туришибди. Бугун мазкур чарм тўп усталари Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига ташриф буюришди.
Меҳмонларни МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳамда Қўмита раисининг биринчи ўринбосари, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов қарши олдилар. Мутасаддилар футбол юлдузларига шонли тарихга эга ўзбек спорти, атлетларимизнинг Олимпия ўйинларида эришган натижалари ва Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига олиб борилаётган тайёргарлиги ҳақида маълумот беришди.
Учрашув якунида меҳмонлар МОҚдаги мартабали меҳмонларнинг ташриф китобига ўзларининг самимий дил-изҳорларини ёзиб кетишди. Режага кўра, бугун соат 17:00 да “Бунёдкор” стадионида улар иштирокида матбуот анжумани ташкил этилади.
Маълумот учун, бразилиялик Дида 2002 йилги жаҳон чемпиони, Италиянинг “Милан” клуби билан икки бор Европа чемпионлар лигаси (ЕЧЛ) ғолиби саналади. Шунингдек, бошқа бир бразилиялик футболчи Сержиньо ҳам “Милан” билан икки бор ЕЧЛда зафар қучган. Италиялик Кристиан Заккардо 2006 йилги жаҳон чемпиони, Кристиан Пануччи эса “Милан” ва “Реал Мадрид” клублари билан ЕЧЛда зафар қучган таниқли футболчилар ҳисобланишади. Футбол юлдузлари ташриф давомида мамлакатимиздаги ёш футболчилар билан учрашиб, ўзларининг бой тажрибалари билан ўртоқлашиши кўзда тутилган.