Ру En O'z
29 Июнь 2024 843

Бу йилги Олимпия куни "Yangi Nafas” оммавий югуриш мусобақаси билан нишонланди

Бугун бутун Республикамиз бўйлаб Халқаро Олимпия куни, Болаларни ҳимоя қилиш куни ва Ёшлар кунига бағишланган “BYD Yangi Nafas” оммавий югуриш мусобақаси бўлиб ўтди. 16 шаҳарда бир вақтда ўтказилган ушбу мусобақанинг пойтахтимиздаги тадбири “Янги Ўзбекистон” боғида ташкил этилди.

Очилиш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги хавфсизлик кенгаши котиби, мамлакат триатлон федерацияси раиси Виктор Маҳмудов, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икрамов, Миллий Олимпия қўмитаси Бош котиби Ойбек Касимов сўз олиб, мамлакатимизда оммавий спорт тадбирларини ташкил этиш анъана тусига кириб бораётгани, бу орқали минглаб ёшлар бир мақсад остида бирлашаётгани хусусида тўхталиб ўтишди. Шунингдек, ХОҚнинг 130 йиллиги нишонланаётган бу йилги Олимпия куни Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари олдидан ўтказилаётгани байрамона шукуҳни янада оширганини қўшимча қилишди. Тадбир давомида Халқаро Олимпия қўмитаси Президенти Томас Бахнинг Олимпия куни муносабати билан йўллаган мурожаати намойиш этилди.

Шундан сўнг иштирокчилар 3 км масофада кечган пойгада беллашишди. Кўтаринки ва байрамона руҳда ўтган пойганинг ғолиб ва совриндорларини тақдирлаш маросими куннинг иккинчи ярмида Ўзбекистон енгил атлетика федерациясида ўтказилади.

Text to speech