Юксак натижа кўрсатган спортчилар Ёшлар куни муносабати билан Президент томонидан эътироф этилди
Мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотларда алоҳида фаоллик кўрсатиб, ўзининг билим ва қобилияти, интилувчанлиги, ташаббускорлиги ва самарали меҳнати билан юртимиз тараққиётини юксалтириш, жонажон Ватанимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузини янада оширишга муносиб ҳисса қўшиб келаётган бир гуруҳ ватандошларимиз 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан давлат мукофотларига сазовор бўлишди.
Улар орасида кураш бўйича Ханчжоу-2022 ёзги Осиё ўйинлари чемпиони Ҳилола Ортиқбоева “Келажак бунёдкори” медали, байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича жаҳон чемпиони Артур Гулиев, ўқ отиш спорти бўйича Ханчжоу-2022 ёзги Осиё ўйинлари бронза медали соҳиби Владимир Свечников ҳамда қиличбозликнинг сабля йўналиши бўйича кўп карра Жаҳон кубоги ғолиби Муса Аймуратов “Мард ўғлон” давлат мукофоти билан тақдирланишди.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси юксак давлат мукофотига сазовор бўлган ёш спортчиларимизни муборакбод этиб, уларнинг келгуси фаолиятида янада улкан муваффақиятлар тилайди. Шу билан биргаликда, Муҳтарам Президентимизга Олимпия оиласи номидан кўрсатилган бундай эътибор ва ғамхўрлик учун миннатдорчилик билдиради.