Улар Токиога боришади: Замонавий бешкурашчимиз Александр Савкин
Мухлисларимиз учун Токио-2020 лицензиатлари ҳақидаги материалларимизни тақдим қилишда давом этамиз. Бугун замонавий бешкураш бўйича терма жамоамиз аъзоси Александр Савкин билан яқиндан танишамиз.
Александр Владимирович Савкин 1988 йил 24 март куни Москва шаҳрида туғилган. Халқаро тоифадаги спорт устаси. Замонавий бешкураш билан 13 ёшидан бери шуғулланади. Мураббийи Евдокия Гречишникова.
2012 йил микст эстафета йўналишида жаҳон чемпионатининг бронза медалига сазовор бўлган. 2012 ва 2016 йиллар Европа чемпионига айланган.
2017 йил микс-эстафета йўналишида Жаҳон кубогида учинчи ўринни, шунингдек, яна бир қатор нуфузли мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган. 2019 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси шарафини ҳимоя қилиб келмоқда.
2019 йил Хитойда ўтказилган Осиё-Океания лицензион турниридаги иштироки орқали Алисе Фахрутдинова билан Токио-2020 йўлланмаси соҳиби бўлди.