Париж-2024 лицензиатлари: Партер устаси Достон Рўзиев
Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларида иштирок этадиган дзюдочиларимизни таништиришни бошлаймиз. Бугун Сизлар билан эркаклар ўртасида энг енгил вазн тоифасидаги баҳсларда юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган Достон Рўзиев ҳақида гаплашамиз.
Рўзиев Достон Остон ўғли 1996 йилнинг 10 июль куни Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида таваллуд топган. 2017 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси сафида иштирок этиб келмоқда. Дзюдо сирларини Элбек Умаров ҳамда Фозил Холборозовдан ўрганган. Маҳоратли дзюдочимиз ўзининг партердаги ажойиб ҳаракатлари билан яққол ажралиб туради. Хусусан, жорий йил Тошкентда ўтган “Катта дубулға” турнирининг финалида грузиялик жаҳон чемпиони Гиорги Сардалашвилини мана шу усулда мағлуб этиб, олтин медални қўлга киритган. Шунингдек, унинг ҳисобида “Катта дубулға” турнирларининг яна 3 та бронза, қитъа чемпионатларининг эса 2 та бронза медали мавжуд.
Рўзиев Халқаро дзюдо федерацияси томонидан эълон қилинган Олимпиада рейтингига кўра -60 кг вазн тоифасида Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритган.