Ру En O'z
27 Июнь 2024 788

Ўзбекистон ва Ислом бирдамлиги спорт ассоциацияси ўртасидаги ҳамкорлик янги босқичга кўтарилмоқда

Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Ислом бирдамлиги спорт ассоциацияси (ISSA) Бош котиби Носир Айман Мажали бошчилигидаги делегация меҳмон бўлди. Ташриф давомида халқаро ташкилотнинг Ўзбекистон билан алоқасини янги босқичга олиб чиқиш, томонлар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлаш борасида фикр алмашилди.

Меҳмонларни Спорт вазири Адҳам Икрамов ва МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов қарши олишди. Шундан сўнг томонлар ўртасида учрашув ташкил этилиб, унда Спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, Қўмита раиси ўринбосари Шерзод Ташматов ва ISSA расмийлари ҳам иштирок этишди.

Самимий руҳда ўтган суҳбатда Адҳам Икрамов мамлакатимизда Президентимиз томонидан спортга қаратилаётган эътибор, бунинг натижасида атлетларимизнинг халқаро майдонда эришаётган ютуқлари, оммавий спорт тарғиботи йўлида амалга оширилаётган лойиҳалар хусусида тўхталиб ўтди. Шунингдек, вазир ISSA раҳбари жаноб Абдулазиз бин Турки Ал Сауд билан ҳам дўстона алоқалар борлигини қўшимча қилди. Ўз навбатида, Ойбек Касимов Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига олиб борилаётган ҳозирлик, терма жамоаларимизнинг бу борада давлатимиз томонидан тўлиқ қўллаб-қувватланилаётгани, қолаверса, 2025 йил мамлакатимизда ўтказиладиган ёшлар Осиё ўйинларига кўрилаётган тайёргарлик ҳақида гапирди.

Жаноб Мажали Ўзбекистон Ислом бирдамлиги спорт ассоциациясининг фаол аъзоларидан бири экани, Рио-2016 ёзги Олимпия ва Ханчжоу-2022 ёзги Осиё ўйинларида ташкилотга аъзо мамлакатлар орасида энг юқори натижа қайд этганини алоҳида тилга олди. Шунингдек, мамлакатимиз аҳолиси спортсевар экани, сўнгги йилларда бир қатор спорт турларида тарихий натижалар қайд этилаётганидан хабардор эканини билдирди.

Учрашув давомида томонлар ташкилотга аъзо мамлакатлар билан ўзаро тажриба алмашиш, улар иштирокида қўшма ўқув-машғулот йиғинларини ташкил этиш, қолаверса, ISSA шафеълигида турнирлардан бирини Ўзбекистонда ўтказиш каби устувор мавзулар борасида фикр алмашишди.

Text to speech