Ру En O'z
18 Июнь 2021 2372

Таэквондочиларимиз мустақил Ўзбекистоннинг Осиё чемпионатларидаги энг яхши натижасини қайд этишди!

Бугун Ливан пойтахтида таэквондо WT бўйича Осиё чемпионати ўз якунига етди. Мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси 10 та медаль қўлга киритиб, ўз тарихидаги энг яхши натижасини янгилади.

Бугунги беллашувларда терма жамоамиз шарафини Токио-2020 лицензиати Никита Рафалович (-80 кг) ва Нияз Пўлатов (-63 кг) ҳимоя қилишди. Рафалович ярим финалда Хитой Таипейи вакилига қарши баҳсда имкониятни бой берди ва бронза медали билан кифояланди.

Пўлатов эса ҳал қилувчи жангда иорданиялик Заид Алхалавани билан ҳисоб-китоб қилди. Муросасиз кечган жангда ҳамюртимизнинг қўли баланд келди ва терма жамоамизга учинчи олтин медални тақдим қилди.

Шу тариқа Ўзбекистон терма жамоаси мусобақани 3 та олтин, 1 та кумуш ва 6 та бронза медали билан якунлади. Бу таэквондочиларимизнинг Осиё чемпионатларида медаллар сони ва сифати бўйича қайд этган энг яхши натижаси сифатида тарихга кирмоқда. Қайд этиш жоиз, ушбу мусобақада Улуғбек Рашитов, Светлана Осипова ҳамда Нигора Турсунқулова каби етакчи спортчиларимиз иштирок этишмади. Улар айни кунларда бор эътиборларини Токио-2020 Олимпия ўйинларига муносиб тайёргарлик кўришга қаратишган. Акс ҳолда Ливандаги қитъа чемпионатида натижалар бундан-да салмоқли бўлиши турган гап эди.

Яна бир аҳамиятли томони, ҳамюртимиз Шоҳсанам Аъзамова мусобақада қизлар йўналишида «Энг яхши таэквондочи» деб топилди. Вакилларимиз эндиликда 20 июнь куни “Beirut Open” халқаро мусобақасида иштирок этишади. Осиё чемпионатида совриндор бўлган қаҳрамонларимизни эслатиб ўтамиз:

Олтин медаль:
-53 кг: Чарос Қаюмова
-62 кг: Феруза Содиқова
-63 кг: Нияз Пўлатов

Кумуш медаль:
-49 кг: Мадинабону Маннопова

Бронза медаль:
-68 кг: Жасур Жайсунов
-46 кг: Шоҳсанам Аъзамова
-74 кг: Шаҳбоз Тусматов
-80 кг: Никита Рафалович
-87 кг: Шуҳрат Салаев
+80 кг: Шоҳруҳ Ражабов

Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси қитъа биринчилигида қайд этилган тарихий натижа билан Ўзбекистон таэквондо WT ассоциациясини муборакбод этиб, Токио-2020 Олимпия ўйинларида ҳам улкан муваффақиятлар тилаб қолади. Олға, Янги Ўзбекистон!

Text to speech