Ру En O'z
24 Июнь 2024 898

Париж-2024 лицензиатлари: Олимпиада дебютанти Амирхон Содиқов

Ўзбекистон делегацияси камондан отиш спортида XXXIII ёзги Олимпия ўйинларига келиб дастлабки йўлланмасини қўлга киритди. Аҳамиятлиси, унда терма жамоамиз ҳам эркаклар, ҳам аёллар ўртасидаги баҳсларда иштирок этиш имкониятига эга бўлди. Дастлабки тарихий лицензия соҳиби Зиёдахон Абдусатторова ўтган йили йўлланма масаласини нақд қилган бўлса, бир неча кун муқаддам Амирхон Содиқов ҳам 4 йилликнинг энг нуфузли мусобақаси иштирокчисига айланди.

Содиқов Амирхон Зарифович 2003 йилнинг 18 июль куни Самарқанд шаҳрида таваллуд топган. 2021 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси таркибида халқаро мусобақаларда иштирок этиб келмоқда. Мураббийи Мунира Нурманова. Шу пайтгача Осиё кубоги босқичларида 1 та олтин ва 7 та бронза медалларини қўлга киритган. Конья-2021 Ислом бирдамлиги ўйинларида Зиёдахон Абдусатторова билан микст дастурида шоҳсупанинг учинчи поғонасига кўтарилган. Айни пайда жаҳон рейтингида 32-ўринни эгаллаб турибди.

Содиқов 14-17 июнь кунлари Туркиянинг Анталья шаҳрида ўтган жаҳон лицензион турнирида олтин медаль қўлга киритиб, Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасига сазовор бўлган. Аҳамиятлиси, ушбу ғалаба Амирхон ва Зиёдага микст дастурида ҳам иштирок этиш имкониятини тақдим қилган.

Text to speech