Ру En O'z
20 Июнь 2024 546

Камончиларимиз учун Париж-2024 Олимпиадаси олдидан фотосессия ташкил этилди

Камондан отиш бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига 3 та йўлланма қўлга киритиши барча мухлисларимизни қувонтиргани, шубҳасиз. Бундан руҳланган Ўзбекистон камондан отиш федерациясининг расмий ҳомийси “Asialuxe Travel” компанияси Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардияси ва мамлакат камондан отиш федерацияси билан ҳамкорликда спортчиларимиз учун фотосессия ташкил қилди.

Мерганларимиз йилдан йилга халқаро мусобақаларда юқори натижаларни кўрсатиб келишмоқда. Хусусан, Осиё кубоги босқичлари ва бошқа нуфузли халқаро мусобақаларда мунтазам равишда шоҳсупага кўтарилишяпти. Зиёдахон Абдусатторова 2023 йилнинг ноябрь ойида Таиландда ўтган қитъавий лицензион турнирда муваффақиятли иштирок этиб, мазкур спорт турида Олимпия ўйинларига йўлланма олган биринчи ўзбекистонлик спортчи сифатида тарихда қолди. Амирхон Содиқов эса куни кеча Туркиядаги жаҳон лицензион турнирида Париж-2024 йўлланмаларига сазовор бўлди. Ўз ўрнида, Амирхон Содиқовнинг Антальяда ўтган мусобақада барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медаль соҳибига айланганини алоҳида таъкидлаш ўринли.

Ушбу муваффақиятларда мураббийлар штабининг ҳам меҳнатини алоҳида эслаб ўтиш жоиз. Малакали устозлар мерганларимизнинг маҳоратларини янада тоблашмоқда. Бунда маҳаллий ва халқаро ўқув-машғулот йиғинлари, халқаро турнирлардаги иштироки муҳим аҳамиятга эга. “Asialuxe Travel” компанияси жамоамизнинг мана шу жараёнда белгиланган манзилга етиб олишларида катта ёрдам кўрсатмоқда. Мерганларимиздан Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларида ҳам юксак натижалар кутиб қоламиз ва бу борада барча спортчиларимизга омад тилаймиз.

Text to speech