Ру En O'z
20 Июнь 2024 791

Гимнастика фидойиси Светлана Кузнецова 80 ёшда!

Бугун ўзбек спорт гимнастикасининг жонкуярларидан бири, ушбу спорт ривожига умрининг 50 йилдан ортиқ қисмини бахшида қилган, бир неча авлод вакиллари, хусусан, Олимпиада ва жаҳон чемпиони Оксана Чусовитина, Пекин-2008 ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиси Луиза Галиулина ва бошқа кўплаб иқтидорли спортчиларни тарбиялаган Светлана Кузнецова 80 ёшни қарши олди. Шу муносабат билан Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида Светлана Михайловнани қутлаш учун тадбир ташкил этилди.

Унда Спорт вазири Адҳам Икрамов ҳамда унинг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Баҳодир Махситов бошчилигидаги спорт фахрийлари, Ўзбекистон гимнастика федерацияси директори Галина Израилбекова, кун қаҳрамонининг шогирдлари ва яқинлари иштирок этишди.

Адҳам Икрамов юбилей эгасини айём билан қутлар экан, ўзбек спорт гимнастикасининг бугунги муваффақиятларида Светлана Михайловна каби жонкуярларнинг ўрни катта экани ҳақида гапирди. Қолаверса, Президентимиз томонидан спорт фахрийларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга катта аҳамият қаратилаётганини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, Ойбек Касимов С.Кузнецова ўзининг севимли шогирди Оксана Чусовитина билан Осиё ва Олимпия ўйинларида юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилгани, унинг бой тажрибаси бугунги кунда мураббийларга мерос бўлиб ўтгани хусусида тўхталди ва юбилей туғилган кунини нишонлайдиган фахрийларга аталган МОҚнинг эсдалик медалини тақдим қилди.

Шунингдек, тадбирда Баҳодир Махситов спорт фахрийлари, Галина Израилбекова мамлакат гимнастика федерацияси номидан Светлана Кузнецовага ўз табрикларини йўллашди. Тадбир давомида расмийлар кеча 49 ёшни қарши олган Оксана Чусовитинани ҳам табриклаб ўтишди.

Маълумот учун, Кузнецова Светлана Михайловна 1944 йил 20 июнь куни таваллуд топган. 1986 йилдан 2023 йилгача ҳозирги Республика Олимпия ва Паралимпия спорт турларига тайёрлаш марказида самарали ишлаб келган. Оксана Чусовитинани 1981-2004 йиллар давомида шахсан ўзи шуғуллантирган. Ҳозирда Гимнастика бўйича Республика ихтисослаштирилган Олимпия захиралари болалар-ўсмирлар спорт мактабида ёш спортчиларга сабоқ бериб келмоқда. Кўрсатган хизматлари учун “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган спорт устози” фахрий унвони ва “I даражали меҳнат фахрийси” кўкрак нишони билан тақдирланган.

Фурсатдан фойдаланиб, Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси ва Спорт фахрийлар кенгаши Светлана Кузнецовани бугунги юбилей билан қутлаб, унга узоқ умр ва сиҳат-саломатлик тилаб қолади.

Text to speech