Жаҳон элитасига катта қадамлар билан қўшилаётган 20 ёшли ўзбек мергани
14-17 июнь кунлари Туркиянинг Анталья шаҳри мезбонлик қилган камондан отиш бўйича Париж-2024 жаҳон лицензион турнирида Амирхон Содиқовнинг яккалик дастурида барча рақибларини мағлубиятга учратиб, олтин медаль баробарида Олимпиада йўлланмасини қўлга киритиши ўзбек камончилиги ривожи янги босқичга кўтарилаётганини яна бир карра кўрсатди.
Зеро, бундан аввал қитъавий лицензион турнирда Зиёдахон Абдусатторова ўзбек камончилари орасида биринчи бўлиб 4 йилликнинг энг нуфузли мусобақасига йўлланма олганди. Амирхоннинг муваффақиятли иштироки делегациямизни микст дастурида ҳам яна бир Олимпиада квотаси билан таъминлади.
Амирхон Содиқов саралашдаги юқори натижаси сабаб биринчи рақамли спортчи сифатида қуръадан жой олди ва турнирни рақамига мос равишда олтин медаль билан якунлади. Дастлабки икки босқичдан эркин ўтган Содиқов учинчи даврада польшалик Оскар Каспровски, сўнг исроиллик Нив Френкелни 6:2 ҳисобларида мағлубиятга учратди. Чорак финалда люксембурглик Пит Клеин, ярим финалда эса вьетнамлик Пхонг Ле 7:1 ҳисобларида доғда қолдирилди. Финал босқичида Олимпиада йўлланмаси нақд қилинган бўлса ҳам Содиқов юксак маҳорат кўрсатишда давом этди ва бангладешлик Сагор Исламга ҳеч қандай имконият қолдирмай 6:0 ҳисобида ғалаба қозониб, турнир ғолибига айланди.
20 ёшли Содиқов айни пайтда жаҳон рейтингида 34-поғонани эгаллаб турибди. Бироқ унинг сўнгги 1 ой давомида кўрсатган натижалари худди ТОП-10 даги мерганларга хос. Боиси бир неча кун муқаддам Жанубий Кореяда ўтган Жаҳон кубоги босқичида Токио-2020 Олимпиадаси чемпиони туркиялик Мете Газозни мағлуб этгани, кеча жаҳон лицензион турнирида олтин медални қўлга киритгани юқоридаги фикрга исбот бўла олади. Шубҳасиз, айни пайтда ажойиб спорт формасига чиққан Содиқовдан Париж-2024 Олимпиадасида ҳам юқори натижалар кутиб қоламиз.
Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитаси мамлакат камондан отиш федерациясини қўлга киритилган ушбу муваффақият билан қутлаб, спортчиларимизга бўлажак Олимпия ўйинларида ҳам муносиб иштирок этишларини тилаб қолади.