Азизжон Камилов: “Делегациямизга илк медални тақдим қилиш анъанасини Токио-2020 Олимпиадасида ҳам давом эттирамиз”
6-13 июнь кунлари Венгриянинг Будапешт шаҳрида ўтказилган дзюдо бўйича жаҳон чемпионати терма жамоамиз учун муваффақиятли ўтганидан хабарингиз бор. Унда Ўзбекистон терма жамоаси тўлиқ таркибда – 18 нафар (яккалик ва аралаш жамоавий) иштирок этди. Якунда Давлат Бобонов (-90 кг) ўз вазн тоифасида кумуш медални қўлга киритди. Шунингдек, тарихда илк бор терма жамоамиз аралаш жамоавий баҳсларда бронза медалига сазовор бўлди. Бугун МОҚда ушбу мусобақа якунлари ва Токио-2020 Олимпиадасига олиб борилаётган тайёргарлик мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Унда МОҚ раисининг ўринбосари, мамлакат дзюдо федерацияси раиси Азизжон Камилов, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, жамоамиз бош мураббийи, Олимпиада чемпиони Илиас Илиадис, Халқаро дзюдо федерацияси спорт комиссияси котиби сифатида ишлаётган ҳамюртимиз Абдулло Муродов, терма жамоамиз спортчи ва мураббийлари, шунингдек, ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Анжуманни Азизжон Камилов очиб берди. Тадбир давомида дзюдочиларимизнинг жаҳон чемпионатидаги муваффақиятлари тасвирланган видеоролик ва Ўзбекистон дзюдо федерациясининг сўнгги йиллардаги фаолияти, келгуси режалари тасвирланган тақдимот намойиш этилди. Шундан сўнг иштирокчилар билан савол-жавоб бошланди.
“Сўнгги мусобақалар кўрсатиб бердики, баъзи давлатлар тўлиқ таркибда иштирок эта олишмади. Бунинг сабаби кўпгина давлатлар Олимпиадага тайёргарлик жараёнини тўлиқ молиялаштиришда қийинчиликларга дуч келди. Шу ўринда ҳукуматимизнинг спортчиларимизни қўллаб-қувватлаётгани, яратиб берилаётган шароитлар учун раҳмат айтиб ўтмоқчимиз. Мусобақага келадиган бўлсак, натижалардан қониқдик дейиш мумкин. Тақдимотда айтилганидек, спортчиларимиз жаҳон чемпионатида максимал спорт формасида бўлишмади. Шарофиддин Лутфиллаев билан индивидаул ишлаяпмиз. Насиб қилса, Токио-2020 Олимпиадасида ҳам делегациямизга илк медални тақдим қилиш анъанасини давом эттирамиз”, – деди Азизжон Камилов.
Ўз навбатида, Илиас Илиадис ҳам таассуротлари билан ўртоқлашди:
“Биз жамоа билан 24 соат биргамиз. Машғулотлардан ташқари шахсий масалалар, ҳаётий тажрибалар ва бошқа кўплаб йўналишларда фикр алмашамиз. Жаҳон чемпионатидаги натижа барчамизники. Биз бунга ҳамжиҳатликдаги ишимиз билан эришдик. Президентимиз томонидан жамоа учун барчаси муҳайё қилинган”.
Спортчиларимиз орасида Диёра Келдиёрова қизларимиз учун яратилган шароитлар, Давлат Бобонов ва Музаффарбек Тўрабоев ҳукуматимизнинг эътиборидан жамоамиз олаётган мотивация хусусида гапириб ўтишди. Анжуман давомида мутасаддилар жамоамизнинг режалари ва таассуротлар ҳақидаги саволларга атрофлича жавоб бериб ўтишди.
Тадбир якунида Азизжон Камилов бугун 25 ёшини қарши олаётган терма жамоамиз вакили Бекмурод Олтибоевга эсдалик совғаларини тақдим қилди.