Париж-2024 ареналари: 1924 йилги Олимпиадага ҳам мезбонлик қилган “Ив дю Мануар” стадиони
Бугун бўлажак Олимпия ўйинларини қабул қиладиган деярли ҳар бир аренанинг ўзига хос жиҳатлари бор. Бугун Сиз азиз обуначилар билан танишадиган арена бундан роппа-роса 100 йил аввал ўтган Париж-1924 ёзги Олимпия ўйинларини ҳам қабул қилгани билан аҳамиятли.
“Ив дю Мануар” номли ушбу мажмуа 1907 йил қурилган бўлиб, дастлаб 45 000 томошабин учун мўлжалланган. 1924 йил айнан Париж мезбонлик қилган ёзги Олимпия ўйинларида бош стадион вазифасини бажарган. Унда енгил атлетика, велоспорт, от спорти, гимнастика, теннис, футбол, регби ва замонавий бешкурашнинг бир қатор йўналишларидаги беллашувлар ўтказилган. Кейинчалик футбол ва регби ўйинлари учун ихтисослаштирилиб, сиғими 60 000 томошабинга етган. Стадион 1938 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати, хусусан, унинг финал ўйинига ҳам мезбонлик қилган. 2017 йилгача “RC Paris” футбол ва “Racing92” регби клубларининг уй ўйингоҳи бўлиб келди.
Бугунга келиб, иншоот буткул бошқача қиёфа очган. Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларида арена чим устида хоккей баҳсларини қабул қилади. Ушбу мусобақалар давомида 15 000 мухлис беллашувларни томоша қилиши мумкин. Олимпия шаҳарчасидан 9 км узоқликда жойлашган.