Ру En O'z
16 Июнь 2024 856

Париж-2024 ареналари: Францияда катталиги жиҳатдан иккинчи ўринда турувчи “Велодром” стадиони

Бугун Сизлар билан футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг чорак финалдаги ўйинига мезбонлик қилиши мумкин бўлган яна бир стадион ҳақида гаплашамиз. Танишинг, Марсель шаҳридаги “Велодром” стадиони.

Мажмуа 1937 йил барпо этилган. Бугунги кунгача бир неча бор реконструкция қилиниб, 2014 йил ҳозирги қиёфасига келган. Стадион тарихда 1938 ва 1998 йилги жаҳон чемпионатлари, Евро-1984 ва Евро-2016 ўйинлари, 2007 ва 2023 йилги регби бўйича жаҳон чемпионатлари ва бошқа кўплаб мусобақаларни қабул қилган. Францияда катталиги жиҳатдан иккинчи ўринда турадиган стадион бугунги кунда 67 мингдан ортиқ мухлисни сиғдира олади. Ушбу объект ҳам ўз тарихида жаҳон эстрадасининг кўплаб юлдузларининг концертига мезбонлик қилган. Арена “Олимпик Марсель” футбол клубининг уй ўйингоҳи ҳисобланади.

Тезюрар поездда Париж-Марсель йўналишида манзилга 3 соат 10 дақиқада етиб олиш мумкин. Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларида стадион 10 та ўйинга мезбонлик қилади. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ўз гуруҳида биринчи ўринни эгаллаган тақдирда чорак финал ўйинини айнан мана шу аренада “D” гуруҳининг иккинчи ўрин эгасига қарши ўтказади.

Text to speech