Ру En O'z
15 Июнь 2024 860

Париж-2024 ареналари: 12 та футбол учрашувига мезбонлик қиладиган “Лион” стадиони

Ареналар бўйлаб саёҳатимизда яна Францияга қайтамиз. Бу галги манзилимиз қадимги Галлиянинг пойтахти бўлган Лион шаҳри ва унинг шарқий қисмида жойлашган “Лион” стадиони бўлади.

Иншоот 2016 йил Францияда ўтган футбол бўйича Европа чемпионати учун барпо этилган. Катталиги жиҳатдан мамлакатда учинчи стадион ҳисобланади. Замонавий дизайн ва имкониятларга эга объектнинг том қисмига қуёш панеллари ўрнатилган бўлиб, электр энергия таъминотида ўз эҳтиёжларини қоплай олади. Арена ўз тарихида Евро-2016 баҳсларининг 6 та, 2019 йил аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатининг 3 та (финал ўйини ҳам), 2023 йилги регби бўйича жаҳон чемпионатининг 5 та ўйини, шунингдек, Эд Ширан, Рианна, Тэйлор Свифт каби жаҳон эстрадаси юлдузларининг концертларига мезбонлик қилган. Ўйингоҳ "Олимпик Лион" футбол клубининг уй учрашувлари ўтказиладиган арена ҳисобланади.

Лионга Париж шаҳридан тезюрар поездда 2 соатда етиб олиш мумкин. 59 мингдан ортиқроқ мухлисни ўз бағрига сиғдира оладиган мажмуа Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари мобайнида 12 та футбол ўйинига мезбонлик қилади. Агар Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ўз гуруҳида иккинчи ўрин билан кейинги босқичга чиқса, чорак финалда айнан ушбу стадионда “D” гуруҳининг ғолиби билан беллашади.

Text to speech