Ру En O'z
14 Июнь 2024 767

Париж-2024 ареналари: Мавжли тўлқинлари билан машҳур Теахупоо

Камарларни тақиб олинг. Ҳозир биз Париж шаҳридан 16 300 км узоқликда жойлашган Франция Полинезиясининг Таити оролига йўл оламиз. Бу ерда Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларининг сёрфинг баҳслари ўтказилади.

Манзилни янада аниқроқ айтадиган бўлсак, оролдаги Теахупоо маскани дунёнинг энг кучли сёрфинг усталарини ўз бағрида жамлайди. Ушбу ҳудуд сёрфинг беллашувлари учун энг яхши жой деб топилган. Боиси унда доимий мавжланиб турадиган тўлқинлар манзарага янаям кўрк бағишлаб туради. Шу боис ҳам жаҳондаги энг катта сёрфинг мусобақаларидан бири ушбу оролда ўтади. Доимий тўлқинларнинг баландлиги 2-3 метрни ташкил этади. Баъзан эса 7 метргача кўтарилади. Бу ҳақиқий адреналин ишқибозлари учун айни муддао. Фақат юртимиздаги мухлислар учун ушбу спорт туридаги баҳсларни томоша қилиш озроқ ноқулайлик туғдириши мумкин. Боиси ҳудуднинг вақт минтақаси Тошкентдан нақд 15 соат орқада.

Теахупоо Таити оролининг жануби-ғарбий қисмида Париждан 16 300, Франция Полинезияси пойтахти Папеэтедан 75 км узоқликда жойлашган. Бу ерда 27-31 июль кунлари сёрфинг дастуридаги 2 та медаллар жамланмаси ўйналади.

Text to speech