Ру En O'z
14 Июнь 2024 816

“CAMC Engineering” компаниясининг Бош директори билан Олимпия шаҳарчасидаги қурилиш жараёни муҳокама қилинди

Айни кунларда Хитойнинг “CAMC Engineering” компанияси Бош директори Ли Хайсинь Тошкентда меҳмон бўлиб турибди. Бугун Спорт вазирлигида Тошкент-2025 ёшлар Осиё ўйинлари учун барпо этилаётган Олимпия шаҳарчасининг бугунги ҳолати ва келгусида комплексдан самарали фойдаланиш масаласига бағишланган учрашув бўлиб ўтди.

Йиғилишни вазир Адҳам Икрамов олиб борди. Унда, шунингдек, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ва соҳа мутахассислари иштирок этишди.

Учрашувда олиб бораётган бунёдкорлик ишларининг бугунги ҳолати ва қўшимча қуриладиган яна иккита бино (тиббиёт маркази ва 400 ўринли меҳмонхона)нинг лойиҳаси батафсил муҳокама қилинди. Адҳам Икрамов комплекснинг барпо этилишини давлатимиз ҳар томонлама қўллаб-қувватлаётгани, қурилиш ишлари узликсиз олиб борилиши учун барча шароит яратиб берилаётганини таъкидлади. Жаноб Ли ҳамкорлик Хитой компанияси учун ҳам манфаатли бўлаётгани, келгусида ҳам қатор лойиҳаларни биргаликда амалга оширишдан мамнун бўлишини билдирди.

Йиғилиш доирасида Ойбек Касимов мусобақани ўтказиш дирекциясининг ташкилий тузилмаси ва унинг фаолияти ҳақида тақдимот ўтказди. Суҳбат давомида қурилиш ишларини жадаллаштириш, барпо этилаётган қўшимча бинолар ва ташриф буюрувчилар учун кўнгилочар майдонларининг лойиҳасини такомиллаштириш бўйича қўшимча тавсиялар берилди.

Text to speech