Ру En O'z
12 Июнь 2024 811

Париж-2024 ареналари: Олимпиада учун қурилган "Вер-сюр-Марн" мажмуаси

4 йилликнинг энг нуфузли мусобақаси ўтказиладиган иншоотлар билан таништиришда давом этамиз. Навбат эшкак эшиш турлари бўйича беллашувларни қабул қиладиган ареналарга ҳам етиб келди. Бир неча йил аввал Олимпиада учун қурилган "Вер-сюр-Марн" иншооти ҳақида гаплашамиз.

"Вер-сюр-Марн" комплекси 2019 йилда фойдаланишга топширилган ва бу маҳаллий эшкак эшувчилар учун чинакам совғага айланди. Боиси мазкур лойиҳа спортчилар учун шароитларнинг қулайлиги жиҳатидан жаҳонда етакчилардан ҳисобланади. У “Auer Weber Assoziierte” немис компанияси томонидан қуриб битказилган. Комплекснинг умумий ҳажми 4 400 квадрат метрни ташкил этиб, слалом, байдарка ва каноэ, академик эшкак эшиш йўналишлари учун 2 тадан трасса, шунингдек, тиббиёт бўлими, медиа-марказ ва кўплаб бошқа мажмуаларни ўзида жамлаган.

Бўлажак Олимпия ўйинларида иншоот байдарка ва каноэ, академик ва слаломда эшкак эшиш бўйича баҳсларни қабул қилади. Атлетларнинг чиқишларини байдарка ва каноэ, академик эшкак эшиш дастурларида 24 000, слалом баҳсларида 12 000 томошабин кузатиши мумкин. Олимпия шаҳарчасидан 22 км узоқликда жойлашган.

Text to speech