Ру En O'z
12 Июнь 2024 930

FIA ва Ўзбекистон алоқалари янги босқичга кўтарилмоқда

Самарқандда давом этаётган Халқаро автомобиль федерацияси (FIA)нинг Конференцияси доирасида соҳадаги истиқболли ҳамкорлик мавзусида тор доирадаги учрашувлар бўлиб ўтмоқда. Самимий руҳда ўтган ана шундай учрашувлардан бири FIA раҳбарияти ҳамда Ўзбекистон томони ўртасида кечди.

Унда FIA Президенти Муҳаммад Аҳмад бен Сулайем, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департаменти раҳбари Одил Абдурахманов, Спорт вазири Адҳам Икрамов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркин Турдимов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Миллий Олимпия ҳамда Паралимпия қўмиталари, Ўзбекистон миллий автоспорт ва картинг федерацияси раҳбарияти қатнашди.

Учрашувда сўз олган Адҳам Икрамов юртимизда оммавий спорт тарғиботи бўйича қилинаётган ишлар, спортнинг техник ва мураккаб турлари ҳам ривожланиб бораётгани, миллий федерациямиз ташкил этилганига кўп вақт бўлмасада, қисқа фурсат ичида салмоқли натижаларга эришгани ҳақида тўхталиб ўтди. Ўз навбатида, Отабек Умаров мамлакатимиз аҳолисининг 65 фоизини ёшлар ташкил этиши ва туғилиш даражаси йилига қарийб 1 миллиондан ортиб бораётгани, автоспорт диёримиз ёшларининг севимли хоббисига айланаётгани ҳақида қўшимча қилди.

Жаноб бен Сулайем кўтаринки руҳда ўтаётган тадбир ҳақида илиқ фикр билдирар экан, келгусида мамлакатимизда “Silk Road” халқаро турнирини ташкил этиш, Тошкентда қад ростлаётган Олимпия шаҳарчасида ҳам картинг ва бошқа йўналишлар бўйича мусобақалар ўтказиш ғояси хусусида гапириб, маҳаллий мутахассисларнинг билимини ошириш юзасидан турли семинарлар ўтказиш бўйича ўз таклифларини илгари сурди.

Суҳбат якунида замонавий спорт автомобилларини ишлаб чиқаришда хориж тажрибасини ўрганиш ва бошқа истиқболли мавзулар борасида фикр алмашилди.

Text to speech