Марказий Осиёда илк бор ташкил этилаётган FIA Конференцияси ўз ишини бошлади
Самарқандда Халқаро автомобиль федерацияси (FIA)нинг Конференцияси бошланди. Бугун нуфузли тадбирнинг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Муҳаммад Аҳмад бен Сулайем бошчилигидаги FIA раҳбарияти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департаменти раҳбари Одил Абдурахманов, Спорт вазири Адҳам Икрамов, Самарқанд вилояти ҳокими Эркин Турдимов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, Миллий Олимпия ҳамда Паралимпия қўмиталари, Ўзбекистон миллий автоспорт ва картинг федерацияси раҳбарияти, шунингдек, тадбирнинг фахрий меҳмонлари иштирок этишди.
Қайд этиш жоиз, Конференция доирасида халқаро ташкилотнинг юбилей 120 йиллиги ҳам кенг нишонланмоқда. Тантанали маросимни Одил Абдурахманов ва Эркин Турдимов очиб беришар экан, меҳмонларга муҳтарам юртбошимиз бошчилигида спортнинг ҳар бир йўналишини ривожлантириш борасида олиб борилаётган улкан ислоҳотлар ҳақида маълумот беришди.
Ўз навбатида, жаноб бен Сулайем Ўзбекистон ушбу нуфузли тадбирни қабул қилишга юқори даражада тайёргарлик кўргани ва у кутилганидан ҳам аъло ўтаётгани, меҳмонлар учун барча шароитлар яратиб берилгани ҳақида тўхталди.
Маросим давомида расмийлар қатор мавзулар юзасидан фикр билдиришди. Конференция ва унинг доирасидаги тадбирлар давом этади. 13 июнь куни Конференциянинг энг асосий тадбири ҳисобланган ташкилотнинг навбатдан ташқари Бош Ассамблеяси бўлиб ўтади.