Ру En O'z
10 Июнь 2024 2415

Рўйи замин сайқали Самарқанд Марказий Осиёда илк бор Халқаро автомобиль федерациясининг Конференциясига мезбонлик қилади

Кўҳна Самарқанд шаҳри 10-13 июнь кунлари Халқаро автомобиль федерацияси (FIA) нинг навбатдан ташқари Бош Ассамблеясига мезбонлик қилади. Маълумот учун, FIA – Халқаро автомобиль федерацияси 1904 йил ташкил топган бўлиб, картингдан тортиб, Формула-1 болидларигача бўлган автопойгаларни ўтказишга масъул ташкилот ҳисобланади.

Марказий Осиё минтақасида илк бор ўтказилаётган Конференция доирасида FIA ташкил этилганининг 120 йиллиги ҳам кенг нишонланади. Қолаверса, ушбу нуфузли тадбирда иштирок этиш учун 147 мамлакатдан 500 нафардан ортиқ мартабали меҳмонлар, миллий федерациялар раҳбарияти ва дунёнинг таниқли пойгачилари мамлакатимизга ташриф буюришади. Хусусан, тадбирнинг энг нуфузли меҳмони ҳисобланган FIA Президенти Муҳаммад Аҳмад бен Сулайем Самарқандга етиб келди. Мартабали меҳмонни вилоят ҳокими Эркин Турдимов, Осиё Олимпия кенгаши вице-президенти Отабек Умаров, МОҚ ҳамда Ўзбекистон автоспорт ва картинг миллий федерацияси раҳбарияти қарши олишди.

Бўлажак тадбир доирасида FIA раҳбари ташаббуси билан ташкилот жамғармаси, шунингдек, дунёдаги таниқли коллекционерлар кўмагида энг ажойиб суперкарлар тўпламини ўз ичига олган ноёб автокўргазма ташкил этилади. Дастурга мувофиқ, жорий йилнинг 13 июнь кунига қадар соҳада эришилган ютуқлар билан тажриба алмашиш мақсадида турли семинарлар, кўргазма ва давра суҳбатлари, мусобақалар ўтказилади. Конференциянинг сўнгги кунида FIA нинг навбатдан ташқари Бош Ассамблеяси ўтказилиши режалаштирилган. Тадбирнинг асосий ташкилотчиси Ўзбекистон автоспорт ва картинг миллий федерацияси ҳисобланади.

Бир сўз билан айтганда, Конференция мамлакатимизда автоспортни янада ривожлантириш, унинг истиқболини янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим платформа бўлиши кутилмоқда.

Text to speech