Ру En O'z
9 Июнь 2024 965

Париж-2024 ареналари: Франциянинг яқин ўтмишдаги энг катта стадиони “Парк де Пренс”

Бугун футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг гуруҳ босқичидаги иккита ўйини ўтказиладиган ўйингоҳи ҳақида гаплашамиз. Танишинг, футболчиларимизнинг Испания ва Доминикан Республикаси жамоаларига қарши баҳсларни қабул қиладиган “Парк де Пренс” стадиони.

Ушбу стадион тарихи уч босқичга бўлинади. Дастлабки босқич 1897-1932 йилларни ўз ичига олади. 3 000 мухлисга мўлжалланган аренага тамал тоши қўйилганида, дастлаб велотрек учун мўлжалланган. Лекин кейинчалик футбол ва регби баҳслари учун ҳам мослаштириб олинган.

1932 йил унинг ўрнида 38 000 томошабинни ўз бағрига сиғдира оладиган стадион барпо этилди. У ўз тарихида 1938 йилги футбол бўйича жаҳон чемпионати ва регби бўйича кўплаб йирик мусобақаларга мезбонлик қилган.

1972 йил “Парк де Пренс” ҳозирги қиёфасига келади. Шу пайтгача футбол бўйича 1984 ва 2016 йилги Европа чемпионати, Европа чемпионлар лигасининг 2 та финали, 1998 йил эркаклар ва 2019 йил аёллар ўртасидаги жаҳон чемпионатлари, шунингдек, регби бўйича 1991 ва 2007 йилги жаҳон чемпионати доирасидаги ўйинларни қабул қилган. Ҳозирги кунда 48 229 томошабин баҳсларни бевосита кузатиб бориши мумкин. 1998 йил “Стад де Франс” қурилгунига қадар Франциянинг энг катта стадиони бўлган.

Арена Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари доирасида гуруҳ босқичидаги 6 та, қолаверса, эркаклар ва аёллар ўртасидаги 1 тадан чорак финал ва финал, жами 10 та учрашувга мезбонлик қилади. Олимпия шаҳарчасидан 12 км узоқликда жойлашган.

Text to speech