Ру En O'z
7 Июнь 2024 803

Париж-2024 ареналари: Спорт гимнастикаси, трамполин ва баскетбол бўйича Олимпиада чемпионларини аниқлаб берадиган “Вercy arena”

4 йилликнинг энг нуфузли мусобақалари ўтказиладиган иншоотлар билан таништиришда давом этамиз. Бугун Парижнинг энг машҳур спорт объектларидан бири “Вercy arena” ҳақида маълумот берамиз.

Иншоот 1984 йил қурилган бўлиб, спорт ва маданий тадбирларни қабул қиладиган Париждаги энг машҳур ареналардан бири ҳисобланади. Сиғими концерт дастурларида 20 300, спорт мусобақаларида эса баҳсларга қараб 11 000 дан 16 000 гача томошабинга мўлжалланади. Мазкур мажмуа “Accor arena” номи билан ҳам машҳур. Шу пайтгача енгил атлетика, хоккей, баскетбол, гандбол, бокс, киберспорт бўйича турли даражадаги мусобақаларга мезбонлик қилган. Шунингдек, бу ерда ҳар йили анъанавий тарзда теннис бўйича Париж “Мастерс”, дзюдо бўйича “Катта дубулға” мусобақалари ҳам ўтказилади.

Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари мобайнида спорт гимнастикаси ва трамполин, қолаверса, баскетбол бўйича ҳал қилувчи баҳслар айнан ушбу аренада ташкил этилади. Мазкур мусобақаларда 15 000 мухлис жаҳон спорти юлдузларининг чиқишини бевосита кузатиб боришлари мумкин. Олимпия шаҳарчасидан 15 км узоқликда жойлашган.

Text to speech