Ру En O'z
6 Июнь 2024 1432

“Yugur” соғломлаштириш онлайн платформаси ишга туширилмоқда

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, фуқароларнинг спортга бўлган қизиқишини ошириш ва улар учун қулай шароитлар яратиб бериш мутасаддилар олдида турган асосий вазифалардан ҳисобланади. Бунинг учун ҳукумат томонидан махсус платформа ишлаб чиқиш борасида топшириқ берилган бўлиб, бугун Ўзбекистон енгил атлетика федерациясида унинг ижросига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

Мажлисни Спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов олиб борди. Унда, шунингдек, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, мамлакат енгил атлетика федерацияси раҳбарияти ва бошқа масъул ташкилотларнинг вакиллари иштирок этишди.

Учрашувда ҳукумат топшириғи юзасидан ишлаб чиқилган “Yugur” соғломлаштириш онлайн платформасининг тақдимоти ўтказилди. Дастурчилар унинг қулайлиги ва соддалиги борасида батафсил гапириб беришди. Унга кўра, фойдаланувчи иловани юклаб, ўз маълумотларини киритгач, уни ишлатиш чоғидаги барча статистикалар кўрсатиб борилади.

Мутахассислар 23 июнь – Халқаро Олимпия кунига бағишлаб ўтказилиши кўзда тутилган оммавий югуриш мусобақасида илк бор ушбу платформадан синов тариқасида фойдаланиш кўзда тутилганини маълум қилишди. Йиғилиш давомида томонлар илованинг имкониятларини ошириш, қўшимча вазифалар юклаш, фуқароларимиз учун янада қулайлаштириш борасида қўшимча фикр юритишди.

Text to speech