Париж-2024 ареналари: Теннис баҳсларидан кейин бокс финалларига мезбонлик қиладиган “Ролан Гаррос” стадиони
Айни кунларда жаҳон спортининг нигоҳи Париж кортларида ўтаётган теннис бўйича Франция очиқ чемпионати ёки “Ролан Гаррос” номи билан машҳур бўлган “Катта дубулға” турнирига қаратилган. Бугун ва эртага мусобақанинг ярим финал баҳслари бўлиб ўтади. Англаганингиздек, бугун “Ролан Гаррос” стадиони ҳақида маълумот берамиз.
1928 йил теннис бўйича Франция эркаклар терма жамоаси Дэвис кубогида ғалаба қозонгач, ҳукумат жамоа учун муҳташам стадион барпо этади ва унга таниқли учувчи Ролан Гаррос номи берилади. Мажмуада 3 та катта ва 15 та кичик корт мавжуд. Марказий корт француз теннис афсонаси Филипп Шатрие номи билан аталади ва бугунги кунда 15 225 томошабинни ўз бағрига сиғдира олади. Ушбу аренада испаниялик машҳур ракетка устаси Рафаэль Надаль нақд 14 бор “Ролан Гаррос” турнирида бош совринни қўлга киритган.
Табиийки, стадионнинг қум қопламали кортларида Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларининг теннис баҳслари ўтказилади. Ушбу спорт туридаги ўйинлар якунига етгач, арена 6 август санасидан бокс дастурининг ҳал қилувчи баҳсларига мезбонлик қилади. Гарчи теннисчиларимиз ушбу стадионда иштирок эта олишмасада, уларнинг ўрнини боксчиларимиз ўз ғалабалари билан сездиришмайди, деган умиддамиз. Дарвоқе, иншоот Олимпия шаҳарчасидан 12 км узоқликда жойлашган.