Лицензиат спортчиларимиз антидопинг соҳаси бўйича билимларини оширишмоқда
Ўзбекистон Миллий Антидопинг агентлиги Халқаро антидопинг агентлигининг (WADA) талабига биноан лицензиат атлетларимизнинг билимларини ошириш, уларнинг мазкур йўналишдаги тайёргарлигини назоратга олиш борасида иш йўлга қўйган. Агентлик мутахассислари жадвал асосида Париж-2024 ёзги Олимпия ва Паралимпия ўйинларига йўлланма олган атлетларимиз билан турли семинар ва учрашувлар ташкил қилиб, уларнинг бу борадаги билимларини ошириб келмоқда.
Ана шундай учрашувлар футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ҳамда байдарка ва каноэда эшкак эшиш бўйича лицензиат атлетларимиз билан ўтказилди. Мутахассислар суҳбат давомида соҳанинг қанчалик долзарб экани, халқаро ташкилот томонидан талаб этилган меъёрларга амал қилиш, антидопинг қоидаларини бузмаслик борасида ўз тавсияларини беришди.
WADA талабига биноан, Олимпия ва Паралимпия ўйинларига йўлланма қўлга киритган спортчилар мусобақагача камида 3 маротаба допинг синамаларини топширишлари керак. Бу эса атлетларимиз ҳамиша назоратда бўлиши, уларнинг саломатлиги ҳар қачонгидан муҳим эканини билдиради.
Семинар якунида мутахассислар лицензиатларимиз учун сўнгги қоидалар ҳақида батафсил маълумот берувчи қўлланманинг ўзбек тилидаги версияси ташкилот сайтига юклангани борасида хабардор қилишди. Қайд этиш жоиз, бу билан нафақат спортчи ва мураббийлар, балки ОАВ ходимлари ва жамоатчилик вакиллари ҳам ўз билимларини ошириш имконига эга бўлишади.