Париж-2024 ареналари: Боксчиларимиз саралаш жангларини ўтказадиган “Пари-Норд Вильпент”
Ҳар бир Олимпия ўйинларида боксчиларимизнинг иштироки катта қизиқиш ва ҳаяжон билан кузатиб борилади. Мазкур лойиҳамиз давомида кўплаб мухлисларда бокс баҳслари ўтказиладиган арена билан танишиш иштиёқи кучайиб бораётган бўлса ажаб эмас. Бугун айнан шу масалага ойдинлик киритиб олишга имконият бўлади.
“Пари-Норд Вильпент” Париж шимолида жойлашган йирик кўргазма марказларидан бири ҳисобланади. Умумий майдони 115 гектар ёки 246 000 квадрат метрни ташкил этади. Марказ 1982 йил фойдаланишга топширилган. Ортда қолган давр мобайнида 400 дан ортиқ турли йўналишлардаги кўргазмаларга мезбонлик қилган.
Мажмуа Олимпия шаҳарчасидан 25 км узоқликда жойлашган. Бу ерда Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари дастуридан ўрин олган бокс баҳсларининг саралаш жанглари ҳамда замонавий бешкураш спортининг қиличбозлик беллашувлари ўтказилади. Ушбу мусобақаларни кузатиб бориш учун аренага 6 000 мухлис ташриф буюриши мумкин.