Париж-2024 ареналари: Регби учун қурилган, лекин Олимпиадада сузиш ҳамда сув полоси баҳсларига мезбонлик қиладиган “Paris La Défense Arena”
Париж Олимпия ўйинларига тайёргарлик кўриш, хусусан, мавжуд инфратузилмадан самарали фойдаланишда барчага ўрнак бўлмоқда. Бугун сўз борадиган “Paris La Défense Arena” ушбу фикрга яққол мисол бўла олади. Одатда регби баҳслари ўтказиладиган мазкур ёпиқ иншоот бўлажак Олимпиадада сузиш ва сув полосининг финал беллашувларига мезбонлик қилади.
Арена 2017 йил очилган бўлиб, “Racing 92” регби клубининг уй майдони ҳисобланади. Мазкур спорт турларидаги ўйинларда иншоот 30 681 томошабинни ўз бағрига сиғдира олади. Французлар ундан маданий тадбирлар, хусусан, концертлар ўтказишда ҳам кенг фойдаланади. Бундай тадбирларда арена сиғими 40 000 мухлисга ошади. Бироқ жорий йилнинг 9-12 май кунлари америкалик таниқли хонанда Тейлор Свифтнинг концертига 4 кун мобайнида 45 000 дан томошабин ташриф буюрди.
Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари давомида ушбу аренадаги баҳсларни 15 220 мухлис бевосита трибуналардан томоша қилиши мумкин бўлади. Олимпия шаҳарчасидан 15 км узоқликда жойлашган.