Ру En O'z
3 Июнь 2024 1285

Бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Париж-2024 Олимпиадасига энг кўп спортчи билан борадиган иккинчи жамоа бўлди

Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари учун бокс бўйича саралаш мусобақалари ўз якунига етди. Бир-биридан шиддатли курашлар остида кечган турнирларда энг кучлилар сараланди.

Маълум қилганимиздек, унда Ўзбекистон терма жамоаси 11 та (7 та эркаклар ва 4 та аёллар) вазн тоифасида Париж-2024 йўлланмаларига сазовор бўлди. Қайд этиш жоиз, ўзбекистонлик боксчи қизлар биринчи маротаба Олимпия ўйинларига 4 та лицензияга эга чиқишган бўлса, йигитларимиз учинчи бор кетма-кет тўлиқ таркибда Олимпиада иштирокчисига айланишди.

Ўзбекистон Австралиядан кейин бокс дастурида энг кўп йўлланма қўлга киритган давлатга айланди. “Яшил қитъа” вакиллари 12 та лицензияни нақд қилган бўлса, таъкидланганидек, ҳамюртларимиз 11 та йўлланма билан иккинчи бўлишди. Австралияликлар рақобат деярли йўқ бўлган минтақада ушбу кўрсаткичга эришганларини инобатга олиш жоиз. Уларнинг барча йўлланмалари қитъавий мусобақада қўлга киритилган. Жаҳон миқёсида эса йўлланма учун курашган йигит ҳатто бир дона жангда ҳам ғалаба қозона олмаган. Қуйида етакчи давлатлардан қайси терма жамоа қанча лицензия қўлга киритгани билан танишамиз:

Австралия – 12
Ўзбекистон – 11
Қозоғистон, Ирландия, Бразилия – 10
Туркия, АҚШ, Таиланд, Италия, Франция, Хитой – 8.

Text to speech