Париж-2024 ареналари: Олимпия ўйинлари учун қурилган “Порт-де-ла-Шапель” комплекси
Париж шимолидаги мўжаз “Порт-де-ла-Шапель” ўйингоҳи бўлажак Олимпия ўйинлари учун янги қурилган иншоот ҳисобланади. Иккинчи номи “Адидас арена” бўлиб, жорий йилнинг февраль ойида фойдаланишга топширилган. Режага кўра, дастлаб бу ерда Ўйинлар доирасида баскетбол бўйича баҳслар ўтказилиши керак бўлган эди. Кейинчалик режа бадминтон ва бадиий гимнастика дастурларига ўзгариб кетди.
Арена экологик жиҳатдан мутлақо хавфсиз. Бино сиртининг катта қисми яшилликдан иборат. Мажмуага ташқаридан назар ташласангиз, арена атрофидаги боғлар билан уйғунлашиб кетади. Қурилиш жараёнида табиий ресурслардан кўпроқ фойдаланишга катта аҳамият берилган. Шу боис, объектнинг асоси ёғоч материаллар ҳисобланади. Арена спорт мусобақаларида 8 000, концерт дастурларида 9 000 томошабинни қабул қила олади.
Таъкидланганидек, Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари давомида дастлаб бадминтон, сўнг бадиий гимнастика баҳслари ушбу мажмуада ўтади. Олимпия шаҳарчасидан 2,5 км узоқликда жойлашган. Олимпия ўйинлари якунига етгач, ўйингоҳ “Париж” баскетбол клубининг уй аренаси бўлиб қолади.