Ру En O'z
1 Июнь 2024 685

Париж-2024 ареналари: Энг номдор француз саркардалари дафн этилган Ногиронлар уйи

Париж шаҳрининг яна бир кўзга кўринган жойларидан бири, шубҳасиз, Ногиронлар уйи мажмуаси ҳисобланади. Унинг майдонида бўлажак Олимпия ўйинларининг 3 та йўналишида ғолиб ва совриндорлар аниқланади. Аҳамиятлиси, ҳар уч дастурда ҳамюртларимиз ҳам бўлишади.

Ногиронлар уйи 1687 йил Людовик XIV фармони билан ҳарбий шифохона ва уруш фахрийларини қабул қиладиган бошпана сифатида барпо этилган. Дастлаб унинг таркибий қисми черков ва ётоқхонадан иборат эди. Кейинчалик йиллар давомида унинг ёнига қўшимча бинолар қурилиб, бугунги кўринишга келган. Ногиронлар уйи нафақат уруш фахрийлари учун бошпана, балки энг кўзга кўринган француз арбоблари, ҳарбийлари дафн этилган мажмуа ҳисобланади. Хусусан, Император Наполеон Бонапартнинг қабри ҳам шу ерда.

Ўйинлар давомида бу ерда камондан отиш бўйича баҳслар ўтказилади. Шунингдек, велошоссенинг индивидуал вақт пойгаси бўйича старт, марафон дастурининг финиш нуқтаси Ногиронлар уйи ҳудудига белгиланган. Мусобақа давомида 8 000 мухлис баҳсларни бевосита томоша қилиб бориши мумкин. Олимпия шаҳарчаси билан орадаги масофа 12 кмни ташкил этади.

Text to speech