Ру En O'z
15 Июнь 2021 2163

Осама Ал Шаффар: «Ўзбекистон менинг иккинчи уйим»

Хабар берганимиздек, айни пайтда Осиё велоспорт конфеденацияси (АСС) президенти Осама Ал Шаффар пойтахтимизда бўлиб турибди. Бугун у МОҚга ташриф буюрди. Меҳмонни МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов қарши олди. Шундан сўнг мутасаддилар ўзаро ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш масалалари бўйича музокара олиб боришди. Унда МОҚ раиси ўринбосари Азизжон Камилов, Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси бош котиби Козим Ўринбойхўжаев, шунингдек, халқаро ташкилотнинг бошқа мутасаддилари ва МОҚ ходимлари иштирок этишди.

“Ташрифингиз велоспортни мамлакатимизда янада ривожлантиришга катта ҳисса қўшади. Бугун эрталаб шахсий намуна билан велоспорт тарғиботини янада кучайтиришда фаол бўлдингиз. Юртимизда муҳтарам Президентимизнинг спортга қаратаётган эътиборлари катта. Ёшларни спортга жалб этиш, улар орасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш бўйича муҳим қарор ва ҳужжатлар қабул қилинган. Уларнинг амалий ишлари билан Рио-2016 Олимпиадасида 206 мамлакат орасида 21-ўринни эгалладик. Яқинда юртимизда илк бор велоспорт бўйича профессионал клуб ташкил қилдик, Жиззахда ВМХ трассаси фойдаланишга топшириш арафасида турибди. Умид қиламизки, ушбу учрашувимиздан сўнг ҳамкорлигимиз янада ривож топади”, – деди МОҚ раиси.

Ўз навбатида Осама Ал Шаффар ҳам мамлакатимизда велоспорт ривожи бўйича илиқ фикрларини билдириб ўтди.

“Ўзбекистон велосипед спорти федерацияси энг фаол миллий федерацияларимиздан. Айниқса, унинг раҳбари Танзила Норбоеванинг қўллаб-қувватлаши билан ушбу спорт юртингизда янада ривожланаётганини кўриб турибмиз. Бу юрт мен учун иккинчим уйимдек. 2019 йил Тошкент мезбонлик қилган Осиё чемпионати мен кўрган мусобақалар орасида энг яхшиларидан. Президент даражасидаги эътибордан Ўзбекистонда велоспорт янада тараққий этишига ишонаман. Биз бу борада ёрдам кўрсатишга тайёрмиз”, – деди АСС раҳбари.

Томонлар суҳбат давомида мамлакатимиз спортчиларининг халқаро ареналардаги иштирокини кўпайтириш, мамлакатимизда йирик мусобақалар сонини ошириш, Тошкентда велоспортга ихтисослашган тайёргарлик марказини қуриш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирилди. Суҳбат якунида Рустам Шоабдураҳмонов ва Азизжон Камилов меҳмонга эсдалик совғаларини тақдим қилишди.

Text to speech