Ру En O'z
15 Июнь 2021 2284

Тошкентда илк бор ўтказилаётган кураш бўйича халқаро семинарнинг очилиш маросими бўлиб ўтди

Тошкентда кураш бўйича биринчи бор мураббийлар учун халқаро семинар бошланди. Бугун Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида ушбу тадбирнинг расмий очилиш маросими ва ОАВ вакиллари учун брифинг ташкил этилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Абдужаббор Абдувоҳидов, Халқаро кураш ассоциацияси (IKA) президенти, Осиё Олимпия кенгаши департаменти директори Ҳайдар Фармон, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори, Ўзбекистон кураш федерацияси раиси Ниғматилла Йўлдошев, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг биринчи ўринбосари, Халқаро кураш институти ректори Баҳриддин Валиев, МОҚ раиси Рустам Шоабдураҳмонов ва унинг ўринбосари Азизжон Камилов, IKA мутасаддилари, халқаро семинар иштирокчилари, кенг спорт жамоатчилиги вакиллари ва ОАВ ходимари иштирок этишди.

Тадбирда дастлаб Баҳриддин Валиев сўзга чиқди ва узоқ йиллик тарихга эга курашимизни ривожлантириш бўйича олиб борилаётган ишлар, режалар ҳақида гапириб ўтди ва халқаро семинарни расман очиқ деб эълон қилди. Шундан сўнг Ҳайдар Фармон тадбир ҳақида фикрларини билдирди.

“Ажойиб бинога эга Ўзбекистон МОҚда кўришиб турганимиздан бағоят мамнунмиз. Халқаро кураш ассоциацияси номидан мураббийлар учун ўтказилаётган халқаро семинар иштирокчиларини самимий қутлайман. Бунда дунёнинг кўплаб мамлакатидан вакиллар иштирок этишмоқда. Коронавирус пандемияси сабаб бизнинг ҳам бир қатор режаларимиз тўхтаб қолди. Бу семинар янги лойиҳаларимизни қайта бошланаётганини англатади. Ўзбекистон ҳукумати томонидан курашни ривожлантириш учун катта аҳамият берилмоқда. Биргаликда барча режаларимизни амалга оширамиз”, – деди Ҳайдар Фармон.

Шундан сўнг Абдужаббор Абдувоҳидов ҳам семинар хусусида тўхталиб ўтди.

“Дунёнинг турли чеккаларидан келган кураш фидойиларини қутлашга ижозат берсангиз. Аминманки, бу семинар курашимизнинг бутун дунёдаги тарғиботини кучайтиришда катта аҳамиятга эга. Курашимизни янада ривожлантириш учун бор кучимизни берамиз. Асосий мақсадимиз унинг Олимпия ўйинларига кириши. Ҳурматли тадбир иштирокчилари, мураббийлар, барчангиз ўзингизни уйингиздагидек ҳис қилинг. Семинарда барчангизга муваффақият тилайман”, – деди IKA вице-президенти.

Тадбирда Ниғматилла Йўлдошев ҳам Президентимиз томонидан курашни ривожлантиришга қаратилаётган эътибор, ҳамкорликда йўлга қўйилаётган режа ва тадбирлар ҳақида гапирди.

Шундан сўнг кичик танаффус эълон қилинди ва ундан кейин ОАВ ходимлари иштирокида брифинг бўлиб ўтди. Унда эксперт ва мутасаддилар семинарнинг мазмун-моҳияти, аҳамияти, кейинги режалар ҳақида гапириб ўтишди.

Амалий ва назарий йўналишда ўтадиган мазкур халқаро семинарда 24 давлатдан 56 нафар мураббий иштирок этмоқда. Уларга Ўзбекистон, Греция ва эронлик халқаро экспертлар техник ва тактик йўналишлар бўйича сабоқ беришади. Якуний имтиҳонларни муваффақиятли топширган мураббийлар “В” тоифасидаги сертификатга эга бўлишади.

Text to speech