Париж-2024 ареналари: Ўйинларнинг бош стадиони “Стад де Франс”
Olympic.uz да навбатдаги лойиҳа! XXXIII ёзги Олимпия ўйинлари кун сари яқинлашиб келмоқда. Бугундан мусобақалар ўтказиладиган объектлар ҳақидаги маълумотларни бериб борамиз. Бу борадаги дастлабки арена Франция пойтахтининг шимолий қисмидаги Сен-Дени комунасида жойлашган “Стад де Франс” бўлади. Ушбу иншоот ўйинлар давомида регби-7, енгил атлетика баҳслари ва тантанали ёпилиш маросимига мезбонлик қилади. Олимпия шаҳарчаси билан орасидаги масофа 2 кмни ташкил этади.
“Стад де Франс” 1998 йил Франция мезбонлик қилган футбол бўйича жаҳон чемпионати учун қурилган. Мусобақа давомида стадион жами 9 та ўйин, шу жумладан, финал баҳсини ҳам қабул қилган. Шунингдек, 2000, 2006 ва 2022 йилги Европа чемпионлар лигасининг финали ҳам айнан ушбу стадионда ўтган. Қолаверса, арена Селин Дион, Давид Гетта, Мадонна, Рианна, Эминем, Бейонсе ва бошқа кўплаб Сиз билган жаҳон эстрада юлдузларининг концертларига мезбонлик қилган.
Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари давомида регби-7 баҳсларида 80 минг, енгил атлетика беллашувларида эса 74 минг мухлис мусобақани бевосита ушбу стадиондан кузатиб бориши мумкин бўлади.