Ру En O'z
26 Май 2024 894

Илк бор Ўзбекистонда ўтадиган футзал бўйича жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичига қуръа ташланди

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 14 сентябрь - 6 октябрь кунлари Ўзбекистон футзал бўйича жаҳон чемпионатига мезбонлик қилади. Бугун кўҳна Самарқанд шаҳридаги Регистон майдонида мусобақага қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтди. Унда ФИФА, Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги, Миллий Олимпия қўмитаси, мамлакат футбол ассоциацияси раҳбарияти иштирок этди.

Даставвал, тадбир иштирокчиларига ФИФА президенти Жанни Инфантинонинг мурожаатномаси намойиш этилди. Сўнг МОҚ раисининг биринчи ўринбосари, ЎФА биринчи вице-президенти Равшан Ирматов мамлакатимизда Президентимиз бошчилигида спорт соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида гапириб ўтди ва мусобақанинг барча иштирокчиларига омад тилади.

Шундан сўнг қуръа ташланди ва жамоалар ўз гуруҳларини билиб олишди. Унга кўра, Ўзбекистон терма жамоаси «А» квартетида Парагвай, Коста-Рика ва Нидерландия жамоалари билан бир гуруҳдан жой олди. Очилиш ўйини 14 сентябрь куни Ўзбекистон ва Нидерландия жамоалари ўртасида кечади. 

Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатига Тошкент, Андижон ва Бухоро шаҳарлари мезбонлик қилади.

Text to speech