Камончимиз Ечхондаги Жаҳон кубоги босқичида Олимпиада чемпионини мағлуб этди
Камондан отиш бўйича Ўзбекистон терма жамоаси Жанубий Кореянинг Ечхон шаҳрида ташкил этилаётган Жаҳон кубоги босқичидаги иштирокини якунлади. Афсуски, унда ҳамюртларимиз шоҳсупага кўтарила олмаган бўлсаларда, Амирхон Содиқовнинг яккалик дастуридаги иштироки кўплаб мутахассислар назарига тушди.
Ҳамюртимиз иккинчи даврада Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари чемпиони туркиялик Мете Газозни мағлубиятга учратишга эришди. Учинчи босқичда франциялик номдор спортчи Баптист Аддисга билан беллашган Содиқов қўшимча ўқ узишларда имкониятни бой бериб қўйди.
Жамоамиз энди 3-8 июнь кунлари Сувон шаҳрида ўтадиган Осиё кубогига ҳозирлик кўради. Қайд этиш жоиз, мазкур мусобақалар мерганларимиз учун келаси ой Туркияда ўтадиган Париж-2024 нинг сўнгги литсензион турнирига тайёргарлик вазифасини ўтаб беради.