Ру En O'z
25 Май 2024 670

Ўзбекистон ва Хитой алоқаларининг спорт соҳасидаги янги қирралари муҳокама қилинди

Айни кунларда Хитой Халқ Республикаси (ХХР) Жисмоний тарбия ва спорт бош давлат бошқармасининг раҳбари (вазири), Хитой Олимпия қўмитаси Президенти ва Халқаро ушу федерацияси Президенти Гао Чжидань хизмат сафари билан мамлакатимизда бўлиб турибди. Бугун Ўзбекистон ва Хитой мамлакатлари ўртасидаги дўстона алоқаларни спорт соҳасида янги босқичга олиб чиқиш мавзусига қаратилган учрашувлар бўлиб ўтди.

Даставвал, меҳмонларни Адҳам Икрамов бошчилигидаги Ўзбекистон Республикаси Спорт вазирлиги раҳбарияти қарши олди. Шундан сўнг томонлар ўртасида ҳамкорлик масалаларига бағишланган учрашув ўтказилди. Унда ХХРнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва Мухтор элчиси Юй Цзюнь ва МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов ҳам иштирок этди.

Самимий руҳда ўтган суҳбатда Адҳам Икрамов Президентимиз томонидан соҳага қаратилаётган эътибор, олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида маълумот берди. Шунингдек, Ойбек Касимов Тошкент-2025 ёшлар Осиё ва Параосиё ўйинларига олиб борилаётган тайёргарлик ишлари, бунда Хитой тажрибасидан фойдаланишнинг ижобий томонлари ҳусусида гапириб ўтди.

Ўз навбатида, Гао Чжидань ҳам ўзбекистонлик спортчиларнинг сўнги йилларда эришаётган улкан ютуқлари, ҳусусан, Ханчжоу-2022 ёзги Осиё ўйинларида кучли бешликка кириши олиб борилаётган ислоҳотларнинг натижалари эканлигини таъкидлади.

Шундан сўнг Хитой делегацияси Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасига ташриф буюрди. Спорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов ва Ойбек Омилович меҳмонларга Қўмита фаолияти, ўзбекистонлик атлетларнинг Олимпия ўйинларидаги иштироки ҳақида маълумот беришди.

Қайд этиш жоиз, 2020 йил Ўзбекистон ва Хитой Олимпия қўмиталари ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланган эди. О.Касимов мазкур меморандумни янгилаш ва унинг бандларини бойитиш борасида ўз таклифларини илгари сурди. Жаноб Чжидань ушбу таклифни қўллаб-қувватлаб, Хитой томони мамлакатимиз билан ҳамкорликдан мамнун эканини билдирди.

Text to speech