Ру En O'z
24 Май 2024 817

Париж-2024 лицензиатлари: Гуруҳ машқи дастурида иштирок этадиган гимнастикачи қизларимиз

Бадиий гимнастика бўйича гуруҳ машқида спортчиларимиз кетма-кет учинчи бор ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритишди. Жамоа муросасиз баҳсларда Япония ва Қозоғистон каби мазкур йўналишдаги кучли рақобатчиларини ортда қолдириб, Париж-2024 лицензиясини нақд қилди. Бугун ушбу йўналишда юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган 5 нафар спортчимиз ҳақида ҳикоя қиламиз.

Атальянц Эвелина Вартановна 2007 йил 1 июль куни Тошкент шаҳрида туғилган. Осиё чемпионатларида 4 тадан олтин ва кумуш, Жаҳон кубоги босқичларида 1 та кумуш медални қўлга киритган. Ханчжоу-2022 ёзги Осиё ўйинларида жамоавий дастурда олтин медаль соҳибига айланган.

Ибрагимова Шаҳзода Алишер қизи 2002 йил 24 ноябрда Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида дунёга келган. Қитъа чемпионатларида 6 та олтин ва 5 та кумуш, Жаҳон кубоги босқичларида 3 та олтин ва 5 та кумуш, Конья-2021 Ислом бирдамлиги ўйинларида 1 та олтин ва 3 та кумуш медалга сазовор бўлган.

Исҳоқзода Мумтозабону Мирафзал қизи 2005 йил 31 декабрь куни Тошкент шаҳрида таваллуд топган. Осиё чемпионатларида 6 та олтин ва 4 та кумуш, Жаҳон кубоги босқичларида 1 та олтин, 3 та кумуш ва 1 та бронза, Конья-2021 Ислом бирдамлиги ўйинларида 1 та олтин ва 3 та кумуш медаль билан тақдирланган.

Мамедова Амалия Парвизовна 2008 йил 29 август куни Самарқанд шаҳрида туғилган. Осиё чемпионатларида 4 тадан олтин ва кумуш, Жаҳон кубогида 1 та кумуш медални қўлга киритган.

Содиқова Иродахон Илҳом қизи 2007 йил 5 сентябрда Тошкент шаҳрида дунёга келган. Осиё чемпионатларида 3 та олтин, 5 та кумуш ва 1 та бронза, Жаҳон кубоги босқичларида 1 тадан кумуш ва бронза медалларига эгалик қилган.

Жамоа таркибида Амалия Мамедова 2023 йилда, қолган барча гимнастикачилар 2022 йилдан терма жамоа таркибига жалб қилинган. Ҳозирда спортчиларимиз Раъно Муҳаммедова, Луиза Ганиева, Татьяна Сергаева қўли остида 4 йилликнинг энг нуфузли мусобақасига ҳозирлик кўришмоқда.

Қизларимиз жорий йилнинг май ойида Тошкентда ўтган лицензион Осиё чемпионатида олтин медални қўлга киритиб, Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмаси соҳибига айланишди.

Text to speech