Тошкентда спорт гимнастикаси бўйича аёллар ўртасидаги Париж-2024 лицензион Осиё чемпионати бошланди
Гимнастика мухлисларининг нигоҳи яна Тошкентда. Бугундан пойтахтимизда спорт гимнастикаси бўйича аёллар ўртасида ёшлар ва катталар тоифасидаги Осиё чемпионати бошланди. Унда катталар ўртасидаги кўпкураш дастурида энг юқори балл тўплаган атлет Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчисига айланади. Аҳамиятлиси, бу осиёлик гимнастикачиларга Олимпиада йўлланмаларини қўлга киритиш учун сўнгги имконият.
Катталар ўртасидаги баҳсларда 14 мамлакатдан 50 нафар, ёшлар тоифасида эса 15 давлатдан 49 гимнаст ғолиблик учун кураш олиб боришади. Маълумки, ушбу мусобақага ҳамюртимиз Оксана Чусовитина ҳам қизғин ҳозирлик олиб бораётган эди. Бироқ у 2 кун муқаддам машғулотда олган жароҳати боис стартга чиқа олмайдиган бўлди. Мураббийлар штаби беллашувларда Дилдора Арипова, Лобар Амруллаева, Одина Робижонова ва Александра Шевченко, ёшларимиздан Милана Гайнулина ҳамда Жасмина Тошкенбековага ишонч билдирди.