Пойтахтимизда ўтган WADA нинг халқаро йиғилиши якунлари сарҳисоб қилинди
Тошкентда Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA)нинг Осиё ва Океания мамлакатлари спорт вазирликларининг 19-ҳукуматлараро йиғилиши ўз ишини якунлади. Бугун Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейида икки кунлик халқаро йиғилиш якунларига бағишланган брифинг бўлиб ўтди. Унда WADA Президенти Витольд Банька ҳамда Ўзбекистон МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов спикер сифатида иштирок этишди.
Даставвал, Витольд Банька мамлакатимиз масъулиятли тадбирни юқори савияда ўтказа олгани, делегатлар ўз фаолиятини олиб бориши учун барча шароитлар яратиб берилганини алоҳида таъкидлади. Қолаверса, йиғилиш хулосалари, чиқарилган асосий қарорларнинг моҳияти борасида маълумот берди. Шунингдек, WADA нинг ўрганишлари бўйича Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлигининг юқори баҳо олгани мамлакатимизда мазкур соҳа катта ўсишга эришаётганини билдирди.
Ўз навбатида, Ойбек Касимов профессионал спортдаги ютуқларни оширишда антидопинг соҳасининг ўрни, мазкур йўналишдаги ишларни изчил йўлга қўйиш орқали сўнгги янгиликлардан хабардор бўлиш муҳимлигини таъкидлади. МОҚ Бош котиби, айниқса, йўналишни кучайтириш орқали спортчиларимизнинг соҳадаги билимларини ошириш асосий мақсад эканига алоҳида урғу берди.
Тадбир якунида Спорт вазири Адҳам Икрамов брифингга қўшилиб, икки кунлик йиғилиш бўйича ўз хулосаларини билдирди. Шунингдек, бугун давлатимиз раҳбари қабулида бўлиб, соҳадаги янги режаларни муҳокама қилгани, бунда антидопинг йўналишининг ҳам муҳим ўрни борлигини билдирди.
Брифинг давомида ОАВ вакиллари ўзларини қизиқтирган бошқа йўналишдаги саволларига ҳам атрофлича жавоб олишди. Олимпия ва Паралимпия шон-шуҳрати музейига ташриф давомида Витольд Банька ўзбек спортининг шонли тарихи, атлетларимизнинг Олимпия ўйинларидаги натижалари билан яқиндан танишди.