Париж-2024 лицензиатлари: Франция майдонларини ёндирадиган футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси
Ўзбекистонлик “миллионлар ўйини”нинг миллионлаб мухлислари интиқиб кутган ғалаба жорий йил Қатар яшил майдонларида ўтган U23 Осиё кубогига тўғри келди. Мусобақанинг ярим финалида Индонезия устидан 2:0 ҳисобида ғалаба қозонган футболчиларимиз юртимиз учун тарихий Олимпиада йўлланмасини қўлга киритишди.
Бунгача ўтган ҳар бир Олимпиада циклида футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси ҳал қилувчи босқичда омадсизликка учраб, қимматли йўлланмага эриша олмас эди. Йўл қўйилган хатолардан тегишли хулоса чиқарилган ҳолда 2021 йил Ўзбекистон МОҚ қошида “Олимпик” футбол клуби ташкил этилди ва унда Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларида иштирок эта оладиган ёшдаги иқтидор эгалари жам бўлди. Клубга бир вақтнинг ўзида олимпия терма жамоасини бошқариб борадиган Тимур Кападзе бош мураббий этиб тайинланди. Олимпия терма жамоанинг асосини айнан "Олимпик" клуби вакиллари ташкил этишди. 2022 йил юртимизда ўтган U23 Осиё кубогида жамоамиз кумуш медалга сазовор бўлди. Мазкур мусобақада тўпланган катта тажриба кейинчалик жамоага қўл келди. Тимур Кападзе шогирдлари Ханчжоу-2022 ёзги Осиё ўйинларида муваффақиятли иштирок этиб, бронза медалига сазовор бўлишди. Бу Осиё ўйинларининг футбол дастурида 29 йиллик танаффусдан кейин қўлга киритилган илк медаль бўлди.
Футбол бўйича Ўзбекистон олимпия терма жамоаси жорий йилнинг 15 апрель – 3 май кунлари Қатрада ўтган U23 Осиё кубогида финалгача етиб бориб, Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасига эга чиқди. Бу Ўзбекистон делегациясининг жамоавий спорт турларида Олимпиадага қўлга киритган илк лицензияси бўлди. Мусобақада иштирок этадиган 18 нафар футболчи номи Олимпия ўйинларига яқин муддатда эълон қилинади.