Ру En O'z
23 Май 2024 713

WADA Президенти билан истиқболли режалар муҳокама қилинди

Пойтахтимиз мезбонлик қилаётган Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA)нинг Осиё ва Океания мамлакатлари спорт вазирликларининг 19-ҳукуматлараро йиғилиши доирасида мамлакатимиз расмийлари ва WADA раҳбарияти ўртасида учрашув ташкил этилди. Унда допингга қарши кураш бўйича ўзаро ҳамкорликка оид қатор масалалар муҳокама қилинди.

Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департаменти раҳбари Одил Абдурахманов, Витольд Банька бошчилигидаги WADA мутасаддилари, Спорт вазири Адҳам Икрамов, МОҚ Бош котиби Ойбек Касимов, Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги директори Абдушукур Садиков иштирок этишди.

Одил Абдурахманов Президентимиз Шавкат Мирзиёев барпо этаётган Янги Ўзбекистоннинг имкониятларини спорт орқали жаҳон майдонида намойиш этиш, жисмоний тарбия ва спортни қўллаб-қувватлаш йўлида олиб бораётган ишлари хусусида батафсил маълумот берди. Ўз навбатида Адҳам Икрамов ва Ойбек Касимов атлетларимизнинг Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига олиб бораётган тайёргарликлари, давлатимиз томонидан яратиб берилаётган шароитлар хусусида тўхталишди.

Қайд этиш жоиз, юртимиз бундай нуфуздаги йиғилишни биринчи маротаба қабул қилмоқда ва WADA Президенти ҳам илк бора диёримизга ташриф буюрмоқда. Витольд Банька ўзбекистонлик спортчиларнинг халқаро майдондаги натижалари ортиши баробарида мазкур соҳа мутахассислари ҳам ўз тажрибаларини орттириб бораётганликлари, ҳамюртларимиз улкан муваффақиятларга эришаётганини мақтов билан тилга олди.

Самимий руҳда ўтган учрашув давомида томонлар ўзбекистонлик халқаро допинг офицерларини янада кўпайтириш, малакали кадрлар тайёрлаш ва келгусида бу каби кўплаб халқаро тадбирларни ўтказиш бўйича фикр алмашишди.

Text to speech