Ру En O'z
22 Май 2024 577

19-ҳукуматлараро йиғилишнинг илк куни муваффақиятли ўтди

Маълум қилганимиздек, шу кунларда Тошкентда Бутунжаҳон антидопинг агентлиги (WADA)нинг Осиё ва Океания мамлакатлари спорт вазирликларининг 19-ҳукуматлараро йиғилиши ўтказилмоқда. Бугун дастлабки кун дастуридан ўрин олган тадбирлар якунланди.

Йиғилишни Ўзбекистон Республикаси Спорт вазири Адҳам Икрамов олиб борди. Вазир ўз нутқида мамлакатимиз спорт соҳасида эришаётган ютуқлар, бунда ҳалол спорт тамойилига қаратилаётган эътибор ҳақида тўхталиб ўтди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси департаменти раҳбари Одил Абдурахманов ҳам сўз олиб, Муҳтарам Юртбошимиз томонидан соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар, янги режалар хусусида тўхталди ва диёримизда илк бор ташкил этилаётган ушбу нуфузли тадбир иштирокчиларига омад тилади. Ўз навбатида, WADA Президенти Витольд Банька ҳам Ўзбекистон ушбу тадбирга юқори савияда тайёргарлик кўргани, юртимиздаги миллий антидопинг агентлиги халқаро ташкилотнинг фаол аъзоларидан бирига айланиб бораётганини таъкидлади.

Шундан сўнг кун тартибига мувофиқ спикерлар соҳадаги долзарб мавзулар, эришилган ютуқлар, йўл қўйилаётган камчиликлар хусусида тақдимот намойиш этишди. Улар орасида Ўзбекистон Миллий антидопинг агентлиги директори Абдушукур Садиков ташкилот фаолияти, халқаро тоифадаги допинг офицерлари етишиб чиқаётгани, хусусан, Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларида илк бор ўзбекистонлик мутахассиснинг ушбу соҳада фаолият олиб бориши хусусида гапириб ўтди.

Йиғилиш эртага ўз ишини давом эттиради.

Text to speech