Ру En O'z
21 Май 2024 713

Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияси асосчиси Набижон Жўраев 70 ёшда!

Тарихи бир неча асрга бориб тақаладиган қадриятларимиздан бири улоқ-кўпкарининг ҳозирги кунда ривож топишига улкан ҳисса қўшган инсонлардан бири Набижон Жўраев қутлуғ 70 ёшни қарши олди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида Набижон Наимовични қутлашга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. 

Унда Cпорт вазирининг ўринбосари Шаҳрулло Маҳмудов, МОҚ раиси ўринбосари Шерзод Ташматов, “Нуроний” жамғармаси бошқарув раисининг биринчи ўринбосари Шароф Убайдуллаев, Ўзбекистон спорт фахрийлари кенгаши раиси Баҳодир Махситов, шунингдек, Миллий гвардия қўмондонлиги ҳамда спорт федерациялар вакиллари ва кўплаб фахрийлар иштирок этишди. 

Тадбирда сўз олган расмийлар Н.Жўраевнинг юртимиз спорти ривожига қўшган ҳиссаси, хусусан, улоқ-кўпкари йўналишининг тараққий этишидаги хизматлари, ҳозирги кунда ҳам “Тонг” фахрийлар футбол жамоасида тўп тепиб, ёшларга ўрнак бўлаётгани, оммавий спорт тадбирларида фаол иштирок этаётганини алоҳида таъкидлашди. Хусусан, Ш.Маҳмудов юбилей эгасига вазир табригини ўқиб эшиттирди. Ўз навбвтида, Ш.Ташматов ва Б.Махситов Набижон Жўраевга МОҚнинг эсдалик медалини тақдим этишди. Набижон Наимович билдирилган тилаклар учун миннатдорчилик изҳор этиб, бундан кейин ҳам юртимиз спорти ривожи учун хизмат қилишга тайёр эканини билдирди.

Маълумот учун, Жўраев Набижон Наимович 1954 йил 18 май куни Тошкент шаҳрида туғилган. Республика Олимпия захиралари коллежини тамомлаган. 2001 йил Ўзбекистон улоқ-кўпкари федерацияга асос солиб, кўп муддат унинг раҳбари сифатида самарали меҳнат қилди. Бугунги кунда ҳам федерациянинг фахрий раиси сифатида соҳани ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшиб келмоқда.

Text to speech