Париж-2024 лицензиатлари: Параллель брус устаси Расулжон Абдураҳимов
Спорт гимнастикаси бўйича Ўзбекистон эркаклар терма жамоасида кучли авлод етишиб чиқди. Айнан ушбу авлод Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинларига 3 та йўлланмани қўлга киритди. Бу жамоа тарихидаги энг яхши натижа. Бугун иккинчи бор Олимпиада йўлланмасига эга чиққан Расулжон Абдураҳимов билан яқиндан танишамиз.
Абдураҳимов Расулжон Шуҳрат ўғли 1996 йил 3 октябрь куни Фарғона вилояти, Фарғона туманида туғилган. 2012 йилдан Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси. Мураббийи Равшанбек Мирзаев. Ҳамюртимиз Конья-2021 Ислом бирдамлиги ўйинларида 1 та кумуш ва 2 та бронза медалларини қўлга киритган. Шунингдек, унинг ҳисобида Жаҳон кубокларининг 1 та олтин медали ҳам бор. Куни кеча Тошкентда ўтган Осиё чемпионатида кумуш медаль билан тақдирланган. Токио-2020 ёзги Олимпия ўйинлари иштирокчиси.
Абдураҳимов Халқаро гимнастика федерацияси (FIG) томонидан 2024 йилги Жаҳон кубоги босқичлари якунига кўра эълон қилинган рейтинг орқали Париж-2024 ёзги Олимпия ўйинлари йўлланмасини қўлга киритган.